Тошкентда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан ташкил этилган анъанавий “Касаба-тур” веломарафонининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.

Мусобақанинг очилишида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева ва бошқалар спортни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор самарасида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида велоспорт тобора оммалашиб бораётганини таъкидлади. 

Мазкур мусобақа корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, спортни оммалаштириш, турли соҳа ходимларининг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди. 

Веломарафон тўрт босқичда ўтказилди. Жорий йилнинг март-апрель ойларида бўлиб ўтган қуйи босқичларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги корхона ва ташкилотларнинг 428 минг нафардан ортиқ ходими қатнашди. Уларнинг 84 минг нафарини хотин-қиз, 300 нафардан ортиғини меҳнат фахрийлари, ёши улуғ инсонлар ташкил этгани мазкур мусобақанинг аҳоли ўртасида кенг оммалашаётганидан далолатдир. 

“Касаба-тур” веломарафонининг мамлакат босқичи ҳам қизиқарли баҳсларга бой бўлди. 20 ёшдан 35 ёшгача бўлган веломарафончилар ўртасидаги баҳсларда андижонлик Темур Обидов ва пойтахтлик Ирина Лукиенко биринчи, андижонлик Мансур Йўлдошев ва навоийлик Зулфия Низомова иккинчи, жиззахлик Азиз Ҳалимов ва қашқадарёлик Райҳон Тиловова учинчи ўринни эгаллади. 

35 ёшдан катта бўлган эркаклар ва аёллар ўртасида Тошкент вилоятидан Игорь Ларин, фарғоналик Георгий Бордошенко, наманганлик Фазлиддин Шаҳобиддинов, пойтахтлик Галина Чиганова, қорақалпоғистонлик Светлана Железнова ва хоразмлик Муҳайё Аҳмедовалар ғолиб ва совриндор бўлди. 

Мусобақада турли номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.