Тошкентда терроризмни молиялаштиришга қарши кураш масаласи муҳокама қилинади

Ўзбекистон 18 Май 2015 1883

21 май куни Тошкентда Терроризмни молиялаштириш ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши Евроосииё гуруҳининг (ЕАГ) 22 ялпи мажлиси ўтказилади. Бу ҳақда "Газета.уз" нашри хабар берган.
Ушбу ялпи мажлисда ЕАГ аъзолари бўлган Ўзбекистон, Беларусь, Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон давлатлари делегациялари ҳамда кузатувчи ташкилотларнинг вакиллари иштирок этади. ШҲТнинг терроризмга қарши ҳудудий бўлими, МДҲнинг антитеррор маркази, ЕХҲТ вакиллари ҳамда Италия, АҚШ, Польша, Франция ва Черногориядан келадиган делегациялар кузатувчи делегациялар ҳисобланишади.
Ялпи мажлис давомида томонлар ЕАГ доирасида терроризмга қарши курашни кучайтириш масаласини кўриб чиқишади. Муҳокамалар марказида ҳар бир давлатда "ноқонуний пулларни ювиш" ва терроризмни молиялаштириш ҳолатларига қарши кураш масалалари бўлиши кутилмоқда. Бундан ташқари томонлар терроризмга қарши курашда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш масалаларини кўриб чиқишади.
18 май куни ушбу мажлис олдидан ишчи гуруҳ ўз ишини бошлади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Терроризмни молиялаштириш ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши Евроосииё гуруҳига 2005 йилда аъзо бўлган. Бош прокуратура ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўлими ЕАГ тўғрисидаги битимни амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.

Кўпроқ янгиликлар