Халқаро хоккей федерацияси президенти (IIHF) Рене Фазель Россия терма жамоасининг Канада мадҳияси янграётган пайтда муз майдонини тарк этгани учун Россия хоккей федерацияси жазоланишини билдириб ўтди.

«Жаҳон чемпионатидан қайтгач, биз бу масалани Россия хоккей федерацияси раҳбарларини чақириб яна муҳокама қиламиз. IIHFда мавжуд қоидаларга кўра Россия аниқ жазога тортилади», дея Фазелнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда ТАСС ахборот агентлиги.

«Бу вазиятни кўрганимдан кейин кайфиятим жуда ёмон томонга ўзгарди. Мени иштирокимда ўтган 29та жаҳон чемпионати давомида бунақа ҳолат биринчи марта содир бўлиши. Муз устида ҳамма нарса бўлиши мумкин, жанг, тортишувлар, лекин рақибга ўйиндан кейин ҳурматсиз муносабатда бўлишни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди. Россия терма жамоаси бу ҳолатда ўзини ёмон томондан кўрсатди».

«Мен Овечкин ва Малкинни ечиниш хонасига шошилаётган бошқа хоккейчиларни тўхтатмоқчи бўлганини кўрдим. Бундай вазиятлардан фақатгина хоккейчиларнинг ўзини айблаб бўлмайди. Терма жамоанинг ўз раҳбарлари — бош мураббий, бош менежерлари — бор ва улар хоккейчиларни тўхтатиши ва вазиятни ўнглашлари лозим эди».

«Мен якшанба куни Россияда шу пайтгача тасаввур қилмаган нарсамни кўрдим. Мен мамлакатга, уларнинг спортни ривожлантириш учун қилаётган ишлари, уларни спортни севишларини доим ҳурмат қилиб келганман. Шунинг учун бу хунук ҳолат мени икки баравар қаттиқ хафа қилди», дея сўзини якунлади Фазель.