Бухорода Самарқанддан марихуана моддасини олиб келаётган савдогарнинг машинаси тўхтатиб қолинди. “На посту” газетасида ёзилишича, у гиёҳванд моддани сотиш учун эмас, балки истеъмол қилиш учун олиб кетаётган бўлган.

Когон туманида истиқомат қилувчи Одилжон Ярашев чет элга ишлаш учун кетиб, у ерда марихуана чекишга ўрганиб қолган. Қайтиб келиб, мактаб буюмлари сотиш билан шуғуллана бошлаганига қарамай, эски одатларини ташламаган.

У Самарқанднинг Пастдарғом туманига кўчиб кетган эски таниши Қосимжондан гиёҳванд модда сотиб ола бошлаган. Қосимжон вафот этгач, бошқа дилер – Шерматга харидор бўлган.

Бир сафар Одилжон Шерматдан керакли миқдорда марихуана сотиб олиб, Бухорога қайтаётган чоғда ички ишлар ходимлари томонидан тўхтатилган. Одилжоннинг хатти-ҳаракатлари милициячиларда шубҳа уйғотган. Тинтув чоғида унинг олдидан кўп миқдорда наркотик моддалар чиққан.