Расмий Дамашқ ва Теҳрон 19 майда энергетика, ишлаб чиқариш, қурилиш ва нефть соҳасида бир қатор келишувларни имзолади, деб хабар бермоқда Суриянинг САНА агентлиги.

19 майда Сурия пойтахтига Эрон ислом инқилоби халқаро масалалари бўйича диний раҳбари маслаҳатчиси Акбар Вилоятий етиб келди. Эронлик дипломат ўзининг ташрифи давомида Сурия президенти Башар Асад билан учрашди.

Вилоятий Сурия президентини Теҳрон Дамашқнинг ўз давлатчилигини ҳимоя қилишида ҳамда унинг террочилар ва уларни қўллаб-қувватлаётган давлатларга қарши курашида қўллаб-қувватлашни давом эттиришини ишонтирди.

Асад ўз навбатида минтақадаги баъзи давлатлар, айниқса Саудия Арабистони ва Туркия Сурия халқига қарши шафқатсиз жиноятлар амалга ошираётган террорчиларни қўллаб-қувватлаётган бир пайтда Эроннинг Сурия халқига кўрсатаётган кўмаги террорчиликка қарши курашда муҳим аҳамият касб этишини айтиб ўтди.

Суриядаги тўқнашувлар 2011 йилдан бери давом этмоқда ҳамда 220 минг кишининг умрига зомин бўлди. Сурия ҳукумати қўшинларига қарши турли ҳарбий тузилмалар жангарилари жанг қилмоқда. Улар орасида хорижий ёлланма жангарилар ҳам ҳаракат қилмоқда.