АҚШнинг Техас штатида кам учрайдиган ҳолат – бир тухум ҳужайрадан пайдо бўлган уч эгиз чақалоқ туғилди, деб хабар бермоқда NBC News телеканали. Иккита чақалоқ тос суяги соҳасида бир-бирига қўшилиб кетган.

Корпус-Кристи тиббиёт марказида айтишларича, Каталина, Химена ва Скарлетт исмли бу чақалоқлар кесарча жарроҳлик йўли билан дунёга келтирилган. Ҳар бир қизнинг вазни 2,1 кг.ни ташкил қилган.

Чақалоқларнинг ота-онаси Сильвия Эрнандес ва Роэл Торрес уларни мўъжиза деб атамоқда. “Тангри бу фарзандларимизга ғамхўрлик қилиш учун бизни танлади”, деб айтмоқда қизчаларнинг отаси. Чақалоқлар отасининг айтишича, шифокорлар дастлаб ҳомиладорлик пайтида иккита юрак ураётганини эшитишган ва эр-хотин уларда қиз ва ўғил туғилади, деб ўйлашган.

Бироқ қизчалар онасининг тоби қочиб қолгач, шифокорлар ҳомила учта эканлигини ва улардан иккитаси бир-бирига пайваста бўлиб кетганини аниқлашган. Шифокорларнинг айтишича, уларни ажратиш бўйича жарроҳлик операциясини бир-бир ярим йилдан кейин амалга ошириш мумкин. Бунгача қизчалар кўп сонли тестлардан ўтишлари керак бўлади.