Қозоғистоннинг “Эйр Астана” миллий авиакомпанияси Нью-Йорк, Токио ва Сингапурга парвозлар амалга оширади. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ўзининг “100 аниқ қадам” дастури доирасида авиакомпания олдига шундай вазифани қўймоқда.

Дастурда “Эйр Астана” ва “Казахстан Темир Жолы” миллий компанияларини йирик халқаро операторлар сифатида ривожлантириш зарурлиги таъкидлаб ўтилган.

“Эйр Астана” халқаро йўналишларга эътиборини қаратади ва дунёнинг асосий молиявий марказлари Нью-Йорк, Токио, Сингапурга янги йўналишлар очади. “Эйр Астана”ни ривожлантириш “Казахстан Темир Жолы”нинг алтернатив йўналишларни ривожлантириш режалари билан уйғунлаштирилади, бу эса юк ташиш нархини икки мартадан кўпроққа камайтиришга имкон беради”, деб айтилмоқда ҳужжатда.

Шунингдек, халқаро авиацион хабни яратиш ҳам кўзда тутилган. Олмаота яқинида сармоячиларни жалб қилган ҳолда жаҳон стандартларига жавоб берувчи янги халқаро аэропорт қурилади.

Қозоғистон орқали авиатранзитнинг жозибадорлигини ошириш учун авиаташувларни давлат томонидан тартибга солиш самадорлигини яхшилаш вазифаси ҳам қўйилмоқда. Фуқаролик авиацияси қўмитаси фаолияти Британия фуқаролик авиацияси давлат агентлиги ва Европа Иттифоқи авиация хавфсизлиги агентлиги моделларига асосланган бўлади.