“Ал-Қоида” террорчилик гуруҳининг собиқ етакчиси Усама бен Ладен ўзининг ўғли Хамзани ўзининг ўрнига ворис сифатида тайёрлаган, деб хабар берди АҚШ разведкасининг юқори лавозимли вакили Франс Пресс агентлигига.

Разведка вакилининг айтишича, бен Ладен “Ал-Қоида”нинг АҚШ томонидан йўқ қилинган раҳбарлари ўрнига ўз вақтида уларнинг ўрнини босувчи ворисларни қўя олмаган. “Бен Ладен ўзининг ўлими олдидан бу муаммони тан олган ҳамда ўзининг ўғли Хамзани ўзига ворис қилиб тайёрлаш мақсадида Абботтободдаги ўзининг уй-жой мажмуасига олиб чиқиб кетишни режалаштирган”, деб айтмоқда разведка вакили.

Хусусан, АҚШ разведкаси ўз отасини 8 йил кўрмаган 22 ёшли Хамзанинг отасига йўллаган мактубини чоп этди. Хамза мактубда “пўлатдан тоблангани”, “ғалаба ва шаҳидликка” ҳамда ўз отаси билан “жиҳод қилиш”га тайёрлигини айтиб ўтган. Хамза мактубда, шунингдек, отасининг дийдорини кўра олмаётганидан азият чекаётганидан шикоят қилган. Усама бен Ладен ўлдирилганда унинг ўғли уйда бўлмаган. Ўшандан бери Хамза бен Ладеннинг қаердалиги номаълумлигича қолмоқда.

АҚШ разведкаси 20 майда, шунингдек, бен Ладен ўлдирилганда топилган минглаб ҳужжатларни чоп этди.

Маълумот учун, бен Ладен 2011 йилда Покистоннинг Абботтобод шаҳрида амалга оширилган махсус операция давомида америкалик махсус вазифаларни бажарувчи жангчилар томонидан бартараф этилган.