Ўтган йили Apple компанияси раҳбари Тим Кукнинг БАА раҳбарияти билан учрашувидан кейин матбуотда Яқин Шарқда компаниянинг биринчи чакана дўкони очилиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди. Бу дўкон компаниянинг дунёдаги энг катта дўкони бўлади.

AppleInsider порталининг хабар беришича, ушбу Apple Store дўкони қурилиш босқичида турибди ҳамда 2015 йилнинг августида Дубайда очилади. Дўкон Mall of the Emirates савдо-кўнгилочар марказининг 2-қаватида жойлашади.

Apple Store'нинг савдо майдони 50 минг квадрат футга (4645 кв метрга) яқинни ташкил қилади ва бу майдон айни пайтда Apple'нинг Лондоннинг Ковент-Гарден туманидаги учта қаватни эгалловчи энг йирик дўкони майдонидан 20 фоизга кўпроқни ташкил қилади.

Mall of the Emirates савдо мажмуасининг умумий майдони 223 минг кв. метрни ташкил қилади, унда 700дан ортиқ дўконлар, иккита 5-юлдузли меҳмонхона ва шахсий тоғ-чанғиси курорти жойлашган.

ОАВлар маълумотларига кўра, БАА пойтахти Абу-Дабида Yas Mall савдо маркази ҳудудида яна битта Apple Store дўкони очилади. Ҳозирча унинг очилиш муддатлари маълум қилинмаяпти.