Австралияда Сидней шаҳридан жануби-шарқий томонга 200 км узоқликда жойлашган Гоулберн шаҳрига ўргимчаклардан иборат ёмғир ёғди. Одамларнинг бу табиий ҳодисага реакциялари турлича бўлди – кимлардир ижтимоий тармоқларда охир замон келганини айтишди, баъзилар эса олимлардан бунинг сабабини тушунтиришни талаб қилишди.

Май ойи Австралияда кузнинг охирги ойи ҳисобланади. Бу фаслда бу ерда кўп миқдорда ёмғир ёғади. Бироқ кеча-кундуз Гоулбернда ёғган ёмғирни ҳеч қанақасига оддий деб бўлмайди – одамлар устига сув томчилари ўрнига, ўргимчаклар ёға бошлади. Миллионлаб кичкина ўргимчаклар уйларнинг томини, ҳовлиларни ва кўчаларни қоплаб, кумушранг ўргимчак ини билан ҳаммаёқни чирмаб олди.

Олимлар хавотирга тушиб қолган австралияликларни тинчлатиб, бунинг сабабини тезда топа олишди. “Ҳар йили май ва август ойларида эндигина туғилган ўргимчаклар иложи борича дарахт тепасига юқорироқ кўтарилиб, ўзларининг инларини парашютга ўхшаб ёйишади. Шамол уларни ушлаб олиб, узоқ масофаларга олиб кетади. Айнан шу тариқа бу ҳашаротлар янги ерларни забт этади, шунинг учун ўргимчакларни дунёнинг исталган ерида топиш мумкин. Одатда уларнинг бундай миграцияси уларнинг катта ҳудудларга ёйилиб кетиши билан боради. Бу гал тақдир тақозоси билан шамол уларни харитадаги бир нуқтага – Гоулберн шаҳрига олиб келди. Айтиш мумкинки, шаҳар аҳолисига бу борада омад кулиб боқмади. Бироқ агар сиз аксинча ўйласангиз, хато қилмайсиз – ҳаммаси инсоннинг бу табиат ҳодисасига қандай қарашига боғлиқ”, деб айтмоқда арахнолог олим (ўргимчакларни ўрганиш билан шуғулланувчи мутахассис) Кит Бастерфилд.