Иқтисодий тадқиқотлар марказида БМТнинг Осиё ва Тинч океани минтақаси иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО) томонидан тайёрланган йиллик шарҳнинг тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатнинг ҳар томонлама барқарор ривожланаётгани, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда эришилаётган ютуқлар халқаро ҳамжамият томонидан муносиб баҳоланаётгани алоҳида таъкидланди. 

Буюк Британиядаги “Legatum” халқаро институти 2014 йилнинг 4 ноябрда Дунё мамлакатларининг фаровонлик индексини эълон қилганди. Сайёра аҳолисининг 96 фоизи ва жаҳон ялпи маҳсулотининг 99 фоизини қамраб олган бу рейтингда Ўзбекистон 142 мамлакат орасида 57-ўринни эгаллади. Жорий йилда БМТ кўмагида АҚШнинг Колумбия университети социологлари томонидан ўтказилган “Дунёнинг энг бахтли мамлакатлари” рейтингида 158 мамлакат орасида Ўзбекистон 44-ўринда, (МДҲ давлатлари ўртасида эса биринчи ўринда) қайд этилди. 

Таъкидланишича, Ўзбекистон Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ўз олдига қўйган вазифаларни тўла амалга оширмоқда. Хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя, аҳолининг иқтисодий фаровонлигини таъминлаш, самарали давлат бошқаруви ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби соҳаларда қатор қўшма лойиҳалар бажарилди. Бугунги кунда БМТ органлари юртимиздаги идора ва ташкилотлар билан биргаликда ҳамкорлик дастурининг 2016-2020 йилларга мўлжалланган устувор йўналишларини ишлаб чиқмоқда. 

Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсиш суръатлари кейинги ўн йил давомида 8 фоиздан зиёд бўлиб келмоқда. Ўтган йили мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти 8,1 фоиз ошди. Жорий йилда ҳам шундай юксак суръатларга эришилиши кутилмоқда. Иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш, экология каби соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини муттасил оширишга хизмат қилмоқда. 

ЭСКАТОнинг йиллик шарҳида бу жиҳатлар алоҳида қайд этилган. 

Тадбирда Осиё-Тинч океани минтақасидаги иқтисодий ва ижтимоий ҳолатга оид маъруза тингланди.