Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида Швециянинг «IEC in Sport» медиакомпаниясининг директори Т. Энгдал ва маслаҳатчи Х. Шёрген бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда МТРК матбуот хизмати хабар тарқатмоқда.

Учрашув давомида тарафлар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Швециянинг «IEC in Sport» медиакомпанияси ўртасидаги мамлакатдаги турли ҳил спорт турлари бўйича мусобақаларнинг трансляциялари шунингдек, Ўзбекистонда ташкил этилаётган йирик халқаро мусобақаларни ёритишдаги ўзаро ҳамкорлик истиқболлари масалаларини муҳокама қилдилар.

Жаноб Т. Энгдал Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати, бадиий гимнастика бўйича Жаҳон чемпионати ва «Happy Caravan» мусобақаси, 2013-2014 йилларда Тошкентда ташкиллаштирилган теннис бўйича «Ташкент Опен» халқаро турнири каби йирик халқаро спорт мусобақаларини ёритиш бўйича ўзаро ҳамкорликдаги ишлар кўламини баҳолаб ўтди.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, «IEC in Sport» компанияси Франциянинг йирик «Лагардер» медиагруппасининг бўлими ҳисобланиб, кўплаб йирик спорт мусобақалар бўйича ҳусусан, олимпия ўйинлари туркумига кирувчи гимнастика, бадиий гимнастика, сузиш, волейбол, енгил атлетика, дзюдо, оғир атлетика ва бошқа спорт турларининг телетрансляция ҳуқуқларига эга ҳисобланади.