Мирзо Улуғбек номидаги маданият ва истироҳат боғида халқ ардоқлаб суйган қўшиқчи Таваккал Қодиров хотирасига бағишланган танлов бўлиб ўтди.

Халқ ижодиёти ва маданий-оқартув ишлар Республика илмий-услубий маркази томонидан
илк бор ўтказилган бу танловда барча ёшдаги 100га яқин иштирокчилар устоз санъаткор репертуарига мансуб қўшиқларни ижро этишди. Вилоят босқичларида ғолиб бўлганлардан 20 нафари бу танловнинг Тошкентда ўтказилган финал босқичида иштирок этди.

“Барча иштирокчилар қўшиқларни ўз услубларида ажойиб тарзда ижро этишди, бироқ Таваккал Қодировнинг “олтин” овозини қайтаришнинг иложи йўқ. Мен унинг биринчи шогирди бўлганман ва 15 йил давомида, устоз ҳаётининг охиригача у билан ёнма-ён турганман. Устоз доимо қўшиқчи халқ суядиган ва ишонадиган инсон бўлиши керак, деб айтардилар”, дейди танлов ҳаками, Ўзбекистон халқ артисти Султонали Маннопов.

Таваккал Қодиров санъат дунёсига ўтган асрнинг 50-йилларида кириб келди ҳамда Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов ва Комилжон Отаниёзов каби буюк қўшиқчилар яратган мактабнинг давомчиси сифатида ўзига хос услубни яратди.

Танловда тошкентлик Зоҳиджон Мадалиев ва Миршод Элов дуэти ғолиб бўлди. Ғолиб ва совриндорлар диплом ва совғалар билан тақдирланди.

Танлов анъанавий ҳолда 2 йилда бир марта ўтказиладиган бўлди.