2015 йилнинг 27-30 май кунлари “Ўзэкспомарказ”нинг марказий павильонида X Халқаро ихтисослашган Uzbekistan Agrominitech Expo – 2015 кўргазмаси ўтказилади. Бу ҳақда кўргазма ташкилотлари тарқатган матбуот хабарномасидан маълум бўлди.

Хабарномада қайд этилишича, 2006-2014 йилларда ўтказилган кўргазмаларда дунёнинг 35 мамлакатидан 350та компания вакиллари ўз маҳсулотлари билан иштирок этган. Кўргазмаларга 40 мингдан ортиқ кичик бизнес объектлари, агрофирмалар ва фермер хўжаликлари вакиллари ташриф буюрган. Улар якунига кўра умумий қиймати 80 млн долларни ташкил қиладиган 2 500 шартнома имзоланган.

Таъкидланишича, бу йилги кўргазма бир қанча мавзули бўлимлардан иборат бўлади. Улар мева-сабзавот маҳсулотларини, балиқ, гўшт, сут маҳсулотларини қайта ишлаш, ветеринария, нон ва макарон маҳсулотларини ишлаб чиқариш, полиграфия, музлатиш технологияси сингари соҳаларни қамраб олади.