19 май куни Тошкентда VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси очилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти Шавкат Солиҳов ва бошқалар Президент Ислом Каримов раҳнамолигида илмий ва инновация фаолиятининг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти, илмий-тадқиқот ишлари, интеллектуал мулкни янада ривожлантириш ва ҳимоя қилиш, янги ихтироларни амалиётга жорий этиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, табиий ресурсларни тежаш, экологик барқарорликни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади. Давлат раҳбарининг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва шу йил 4 мартдаги 2015-2019 йилларда таркибий ўзгаришларни таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш чора-тадбирлари дастури тўғрисидаги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётгани айтиб ўтилди. 
 
VIII Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркасида саноат, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари ва илм-фан каби йўналишларда қарийб беш юзта инновация лойиҳаси намойиш этилмоқда. Булар мамлакат олимлари, мутахассислари ва ихтирочиларининг мутлақо янги ишланмалар ҳисобланади. 

Энергетика ва автоматика институтининг илмий ходимлари энергия тежаш ва муқобил энергетика бўйича инновация ишланмаларини тақдим этган. Масалан, бир гуруҳ олимлар томонидан чархпалак ёки гидравлика турбинаси ёрдамида ишлайдиган микрогидроэлектр станция яратилди. У олис аҳоли пунктлари, яйловлар, гидрометеостанциялар ва бошқа жойларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун мўлжалланган.
 
Бу йилги ярмаркада бир қанча янги йўналишлар ташкил этилди. Хусусан, илмий муассасалар ва олий ўқув юртлари томонидан яратилган илғор технологияларга мамлакатимиз ва чет эл ишлаб чиқарувчиларининг эътибори ҳамда инвестицияларини жалб қилиш мақсадида «Юқори технологиялар» (Hi-Tech) йўналиши фаолият кўрсатмоқда. Бу ерда ҳужайра технологиялари, фармацевтика, АКТ бўйича инновация ишланмалари ва бошқа янгиликлар намойиш этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, навбатдаги ярмаркада «Ёшларнинг инновация ғоялари» республика кўрик танлови ғолибларининг ишланмалари кенг намойиш этилмоқда. Ушбу ишланмаларни саралашда уларнинг амалиётга татбиқ этишга тайёрлиги, энергия ва материал тежамкорлиги, маҳаллий хомашёдан фойдаланиш, бозорга янги маҳсулот чиқариш имконияти каби омилларга алоҳида эътибор берилди. 

Ярмарканинг очиқ майдонида инновацияларнинг ҳақиқий мусобақаси бўлиб ўтди. Андижонлик ёш ихтирочи Ойбек Умаров ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетининг Бекзод Юнусов раҳбарлигидаги битирувчилари ўзлари ихтиро қилган электромобилларни намойиш этди.

Ярмарка доирасида, анъанага кўра, мамлакатимиз саноат корхоналари ишлаб чиқаришга инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳаларни татбиқ этиш самарадорлиги тўғрисида тақдимотлар ўтказмоқда. 

Ярмарканинг дастлабки кунида корхоналар ва лойиҳачилар ўртасида маҳсулот ва технологияларни харид қилиш ёки жорий этиш бўйича қиймати 3 миллиард сўмликдан ортиқ 140 дан зиёд шартнома имзоланди. 

Ярмарканинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А.Икромов ва У.Розуқулов сўзга чиқди.