Хитойда хорижий авиакомпаниялар томонидан хавфсизлик қоидаларининг бажарилиши устидан назорат кучайтирилади. Бу ҳақда Хитой фуқаролик авиациясининг бош бошқармаси чоп этган хабарда айтилмоқда.

Ҳужжатга кўра, 2005 йилда қабул қилинган “Хорижий ҳаво-транспорт ташувчиларининг стандартларга мувофиқлигини аниқлаш қоидалари”га қўшимча равишда бу талабларнинг бажаралишини баҳолаш тизимининг алоҳида тизими киритилмоқда. Ҳар бир хорижий авиакомпанияга 0 баллик даража берилади. Агар 6 ой давомида парвозлар хавфсизлигида муаммолар аниқланмаса, авиакомпанияга 1 балл берилади, ҳар бир қоидабузарлик учун эса, аксинча, 1 балл олиб ташланади. Агар авиакомпаниянинг баллари сони “-12” гача тушиб кетса, унда бу авиакомпанияга Хитойда ишлаш ман қилинади. Хусусан, бошқа кескин жазолар ҳам назарда тутилган: “-8” даражада авиаташувчи чекланган миқдордаги аэропортларга уча олади, бунда у парвозларни ҳамма турдаги самолётларда ҳам амалга оширолмайди.

Айни пайтда Хитойда 156 та хорижий авиакомпания фаолият юритади. Ўтган йили улар томонидан 374 мингта рейс амалга оширилган, бу кўрсаткич Хитойдаги жами парвозларнинг 11 фоизини ташкил қилади.