Америкалик афсонавий блюз йўналишида ижод қилган мусиқачи Би Би Кинг туғилиб ўсган ва ўз фаолиятини бошлаган она штати Миссисипида 30 май куни дафн этиладиган бўлди. Бу ҳақда “ТАСС” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Марҳумнинг жасади Теннесси штатининг Мемфис шаҳрига олиб келинади. У ерда видолашув маросими ва мусиқачининг хотира куни бўлиб ўтади. Сўнгра марҳум Миссисипи штатининг Индианола шаҳрига олиб келинади. Би Би Кинг айнан шу шаҳарда туғилиб, вояга етган. 29 майда бу ерда ҳам видолашув маросими бўлиб ўтади, эртасига – 30 май куни мусиқачи Bell Grove черкови ёнидаги қабристонга дафн этилади.

Маълумот учун, “блюз қироли” Би Би Кинг 14 май куни, Лас-Вегасдаги уйида 89 ёшида узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди. Би Би Кинг сон-саноқсиз мукофотлар, шу жумладан бир нечта Гремми мукофоти совриндори ҳисобланади. Гитарачи ва хонанда ўзининг машҳурлигига бамайлихотир қарарди: “Дунёда кўплаб мен қилолмайдиган нарсалар бор. Менда фақат битта нарса яхши чиқади – Би Би Кинг бўлиш”, деб айтган эди “блюз қироли” ўз интервьюларидан бирида.