Шаҳзода Уильям ва малика Кейт Миддлтон қиз фарзанд кўришгани муносабати билан ҳамон табриклар олишмоқда. Герцогиня Миддлтон оиланинг Норфолкдаги шаҳар ташқарисидаги уйида қизчани парваришлаш билан овора бўлган бир пайтда, унинг отаси – шаҳзода Уильям омма олдига бир ўзи чиқишга мажбур бўлмоқда.

20 май куни шаҳзода Уильям Стаффордширдаги “Сен-Джордж Парк” стадионига футбол бўйича Англия аёллар терма жамоаси футболчилари билан учрашиш учун келди. Тадбир давомида аёл футболчилар бахтли отани оиладаги иккинчи фарзанд билан табриклашди ва кичик маликага “1”рақами ва “Шарлотта” исми ёзилган футболка тарзида ноодатий совға тақдим қилишди.

Жамоа сардори Стеф Хоутон билан суҳбат чоғида шаҳзода Уильям унга иккита фарзанднинг отаси бўлиш хуш келаётганини айтди. “Шаҳзода Уильям менга яна бир бор ота бўлганидан беҳад хурсандлигини айтди. Бироқ ҳозирда болалар тарбиясида унда баъзи “муаммолар” йўқ эмаслигини, Шарлотта кечалари чинқириб, Жорж (Уильямнинг биринчи фарзанди) эса бир жойда ўтира олмаслигидан “шикоят қилди”, деб айтди Хоутон.

Маълумот учун, малика Шарлотта 2 май куни Лондондаги Авлиё Мария шифохонасининг Lingo Wing хусусий клиникасида дунёга келганди.