АҚШнинг Миллий хавфсизлик агентлиги смартфонларни Google ва Samsung интернет-дўконларидан келаётган интернет-трафикни ушлаб олиб жосуслик вирус дастурлари билан зарарлантирмоқчи бўлган. Бу ҳақда Intercept портали хабар бермоқда.

Irritant Horn номини олган бу операция ҳақидаги маълумотлар АҚШ махсус хизматларининг собиқ ходими Эдвард Сноуден томонидан CBC News телеканали ва Intercept портали билан ҳамкорликда ҳавола қилинган махфий ҳужжатларда сақланган.

Режага кўра, махсус хизматлар XKEYSCORE тизими ёрдамида интернет-трафикнинг умумий оқимида смартфонлардан келаётган трафикни ажратиб олиб, унинг Google ва Samsung онлайн-дўконлари серверларига йўлини кузатиб, сўнгра смартфонларга жосуслик дастурларини Google ва Samsung дан олинаётган маълумотлар кўринишида юбормоқчи бўлганлар. Дастурнинг функциялари орасида зарарланган смартфоннинг алоқалар рўйхатидан нусха кўчириш, қурилманинг жойлашган ўрни ҳақидаги ахборотни узатиш бўлган.

Режани ишлаб чиқиш 2011 ноябридан 2012 йилнинг февралигача олиб борилган. Уни тайёрлашда Five Eyes келишувига барча аъзо давлатлар мутахассислари иштирок этишган. Бу келишувга АҚШ, Буюк Британия, Янги Зеландия, Канада ва Австралия киради. Intercept берган маълумотга кўра, Irritant Horn ни тайёрлашга бош сабаблардан бири янги “араб баҳори” такрорланишидан хавотирланиш бўлган. Бу режа амалга оширилган-оширилмагани номаълумлигича қолган.