Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Денис Истомин Швейцариянинг Женева шаҳрида давом этаётган ATP турнирининг яккалик баҳсларидаги иштирокини якунлади. У чорак финалга йўлланма берадиган иккинчи давра баҳсида мағлубият аламини тотиб кўрди.

Мукофот жамғармаси 494 минг 310 еврони ташкил қилувчи мусобақанинг бу босқичида Истомин бразилиялик Томаз Белуччига икки сетда ҳам бир хил 4:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Бундан олдинроқ ҳам Денис айнан Белуччига ютқазиб қўйганди.

Эслатиб ўтамиз, Истомин асосий тўрнинг биринчи даврасида Янко Типсаревични 6:0, 6:2 ҳисобида мағлуб этган эди. Ўз вақтида дунёнинг саккизинчи ракеткаси бўлган сербиялик теннисчи айни пайтда 474-поғонадан жой олган. Истомин эса 66-ўринни эгаллаб турибди.