Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг акаси Ким Чен Чхол Лондонда британ рок-мусиқасининг фахрий қўшиқчиси, машҳур гитарачи Эрик Клэптоннинг концертида камералар нигоҳига тушди.

Телеканаллардан бирининг оператори ҳозирда 34 ёшдалиги тахмин қилинадиган Ким Чен Чхолни концерт зали холлида суратга олишга муваффақ бўлди. У бир қиз ҳамроҳлигида футболка, қора шим ва калта чарм куртка кийган ҳолда бўлган.

2006 ва 2011 йилларда ҳам Ким Чен Чхолни Германия ва Сингапурда, Клэптоннинг концертлари вақтида кўришган эди. Баъзи маълумотларга кўра, у мусиқачини Пхеньянда концерт ўтказишга таклиф ҳам этган.

Маълумот учун, Ким Чен Чхол марҳум Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ирнинг ўртанча ўғли ҳисобланади. Марҳум вафот этгач, унинг ўрнига энг кичик ўғил ўтирган ва бошқа ўғиллар омма эътиборидан четда қолиб келади.