Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳридаги Авраам Линкольн номидаги Университетда «Ўзбекистоннинг ноёб тарихий ва маданий меросининг намойиши» номли мавзудаги Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларини намойиш қилувчи тақдимот бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Жаҳон» АА хабар тарқатди.

Манбанинг маълумот беришича, тақдимот кузатувчилари Ўзбекистоннинг сайёҳлик соҳасидаги ютуқлари ва асосий йўналишлари, ҳар йили ошиб бораётган хорижлик сайёҳларни жалб қила олиш имкониятлари билан танишдилар. «Ўзбекистоннинг қимматли архитектуравий ёдгорликларини асраб-авайлаш, замонавий меҳмонхона тузилмасини ривожлантириш бўйича амалга ошираётган ишлари энг юқори халқаро талабларга жавоб бериши алоҳида қайд этиб ўтилди», деб ёзади манба.

Бундан ташқари, тақдимотда ўзбек миллий ошхонаси, бетакрор таъмга эга ўзбек қуритилган мевалари ҳамда Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари ва архитектуравий ёдгорликлари фото ва видео кўринишида тақдим этилди.