Россия асосий демократик принципларга риоя қилишни бошламагунга қадар G8 форматига қайтишнинг имкони йўқ. Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркель “Шарқий ҳамкорлик” саммитига кетиш олдидан бундестагда қилган чиқиши чоғида баёнот берди.

“Украинадаги воқеалар туфайли бугунга келиб биз Эльмауда саккизлик сифатида эмас, еттилик сифатида учрашиб келмоқдамиз, – унинг сўзларини келтиради Reuters агентлиги. – G7 – бу қадриятлар жамияти, бу эркинлик, демократия ва қонун устуворлиги йўлида ҳамкорликдаги ишдир. Бу миллатларга ва уларнинг ҳудудий яхлитлигига бўлган ҳурматдир”.

Шунингдек, Германия етакчиси “Шарқий ҳамкорлик” формати ЕИни кенгайтириш сиёсати воситаси эмаслигини қайд қилиб ўтган.
Саммит 21-22 май кунлари Ригада бўлиб ўтади.