Қашқадарё вилояти маркази Қарши шаҳрининг ҳалқа йўлида яна бир йирик объект қурилмоқда. Бу ҳақда "Телеграф.уз" нашри хабар берган.

Мазкур кўприк Қарши - Тошгузар - Қум-қўрғон темир йўлининг устидан ўтадиган йўл ўтказгич ҳисобланади, шунингдек бу объект ҳалқа йўлини А-380 автомагистралининг 43-километри билан ҳар томонлама боғловчи ришта ҳам бўлади. Кўприкнинг автомагистраль ва темир йўл устидан ўтган қисми узунлиги 108 метр, эни 30 метрни ташкил этади. Йўлдан баландлиги эса 7,8 метрдан иборат.

Кўприк Ғузордан ва Қаршидан А-380 автомагистрали орқали келиб, ҳалқа йўлига чиқиб олиш ва аксинча йўналишга ўтиш имконини беради. Айни пайтда шу объектнинг ва ҳалқа йўлининг бир бўлаги бўлган Файзобод ариғи устидан ўтадиган кўприк қуриб битказилди. Файзобод ариғининг устидан ўтган яна бир кўприк, Қарши – Тошгузар темир йўлининг 6-километридаги йўл ўтказгич ҳам катталаштирилади. Бу ишларни бажариш учун 39 миллиард 750 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

Кўприк устига мустаҳкам плиталар ўрнатилган. Мутахассисларнинг маълум қилишича, плиталар устидан 4 сантиметр қалинликда бетон ётқизилади, кейин эса 2 қават изоляцион тўшама тўшалади. Кейин арматурали тўр билан яна 3 сантиметр бетон ётқизиб, сўнгра у 7 сантиметр қалинликда асфальт қилинади.