Япониянинг Sony корпорациясининг ўйинлар ишлаб чиқувчи бўлинмаси яхши даромад келтирмоқда. Айнан шунинг учун корпорациянинг янги директори Кадзуо Хираи шу соҳадаги илғор ишланмаларга асосий эътиборни қаратмоқда.

PlayStation 4 ўйин приставкаси учун Project Morpheus виртуал реаллик шлеми прототипи намойиш қилинган эди. Бу шлемга қизиқарли ўйинлар ишлаб чиқиш учун янги студия ташкил этилди.

Виртуаллик реаллик учун ўйинлар ишлаб чиқувчи янги студия Буюк Британияда очилади ва North West Studio деб номланади (бироқ бу ном ўзгариши ҳам мумкин). Айни пайтда студияга ходимларни ёллаш ишлари олиб борилмоқда. Вакансиялар орасида ўйин жараёнини дастурловчи етакчи мутахассис, график эффектларни дастурловчи тажрибали мутахассис, етакчи дизайнер, персонажлар аниматори, босқичлар дизайнери каби лавозимлар бор.

Виртуал реаллик шлеми 2016 йилнинг июнига қадар сотувга чиқарилиши керак. Июнь ўртасида ўтказиладиган Е3 2015 кўргазмасида бу гаджет учун янги ўйинларни кўриш мумкин бўлади.