Мамлакатимизда кейинги йилларда тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашувларни олдини олиш, уларнинг фаолият юритишлари учун ҳар томонлама қулай шароит яратиш бўйича тизимли ва кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг жорий йил 15 майда қабул қилинган «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4725-сонли Фармонида тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратиш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш масалалари билан бир қаторда тадбиркорлар фаолиятига аралашувларни янада чеклашга қаратилган меъёрлар қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ 2015 йилнинг 1 июлидан эътиборан хўжалик юритувчи субъектларда режали текширишлар даврийлиги ва муддатлари, қўзғатилган жиноий ишлар бўйича текширишлар ўтказиш тартибига ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, Фармоннинг 2-бандида барча назорат органлари учун режали текширишлар даврийлиги бирхиллаштирилиб, 2015 йил 1 июлдан бошлаб назорат қилувчи органлар томонидан микрофирма, кичик корхона ва фермер хўжаликлари фаолиятидаги барча режали текширишлар кўпи билан 4 йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларида эса кўпи билан 3 йилда бир марта Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши қарори асосида амалга ошрилиши белгиланди.
Маълумки, режали текширишларни ўтказиш даврийлиги бўйича шундай тартиб фақат тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти бўйича ўтказиладиган текширишлар учун белгиланган эди. Бошқа назорат органлари учун ҳар хил режали текширишлар даврийлиги белгиланганлиги сабабли 2011-2015 йилларда 136 та субъектда 2 мартадан, 58 та субъектда 3 мартадан турли назорат органлари томонидан режали текширишлар ўтказилган.

Белгиланган янги меъёр тадбиркорлик субъектларини турли назорат органлари томонидан ҳар йили ёки икки йилда бир марта режали текшириш ўтказиш имконини чеклаб, тадбиркорларнинг текширишга ортиқча вақт сарфланишининг олдини олишга, тадбиркорларнинг ўзининг асосий фаолияти билан шуғулланишига кўпроқ имконият яратилишига олиб келади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, яъни бухгалтерия ва бошқа ҳужжатларни ўрганишни талаб этмайдиган режали текширишлар муддати 10 календарь кунидан ошмаслиги белгиланди. Мазкур меъёр ҳам режали текширишлар ўтказиш даврида тадбиркорлик субъектларининг вақтини ортиқча йўқотилишининг олдини олишга қаратилиб, эндиликда молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширишларнинг ўтказиш муддати 3 бараварга қисқартирилди.

Амалдаги қонунчиликда барча текширишлар учун 30 кунлик муддат белгиланган, лекин назорат органлари томонидан 2014 йилда ўтказилган текширишларнинг 80,1 фоизи 10 кунгача бўлган муддатда якунланган. Ушбу нормани киритилиши текширишга сарфланадиган 13,5 минг иш кунини қисқариши ва ундан тадбиркорлар ўз бизнесини ривожлантириш учун фойдаланиши имкониятини яратади.

Фармонда тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишларда фақатгина охирги текширувдан кейинги давр қамраб олиниши ҳам аниқ белгилаб қўйилди. Шунингдек, адолатлилик принципини таъминлаш мақсадида қўзғатилган жиноий ишлар бўйича хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятидаги текширишларда адвокатнинг мажбурий иштирок этишини жорий этилиши ҳам (хўжалик юритувчи субъект томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиш ҳолатлари бундан мустасно) текшириш жараёнида уларнинг ҳуқуқлари таъминланиши кафолатини яратади.
Ҳозирги кунда, мазкур Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда Кенгаш тасдиқлаган 2015 йил текширишлар режа жадвалининг июль-декабрь ойларига тегишли қисмини қайта кўриб чиқиб, тегишлича охирги режали текширишларига 3 ва 4 йил тўлмаган субъектларни режа-жадвалдан чиқариш, шунингдек қабул қилинган янги меъёрлар асосида текширишларни тартибга солишга доир амалдаги меъёрий- ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича иш олиб борилмоқда.

Э.ЖЎРАЕВ,
Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи