Қрим минтақавий футбол федерацияси вакили Георгий Ильяков УЕФА футбол бўйича Қрим чемпионатини ўтказишга рухсат берганини маълум қилди.

“УЕФА билан музокаралар ўтказилди. Бизга Крим чемпионатини ўтказишга изн берилди. Бу чемпионат УЕФА томонидан тан олинади. Чемпионатни 2015 йилнинг августида бошлашни режалаштирмоқдамиз. Чемпионатда 8 та профессионал жамоа иштирок этади.

Июль бошида Қримга УЕФА комиссияси ташриф буюради ҳамда Қрим жамоаларининг инфратузилмавий объектларини кўздан кечиради. Регламент бўйича жамоаларда бўлиши керак бўлган ўйингоҳлар ва бошқа инфратузилмаларнинг имкониятлари ва тайёрлиги баҳоланади. Текширув ўтказилгандан кейин биз Қрим чемпионатидаги жамоаларни молиялаштириш масалаларини ҳал қилишга ўтамиз.

Бу чемпионатга “Таврия” ва “Севастополь” жамоалари автоматик равишда киритилиши аниқ. Қолган иштирокчилар ҳақида ҳозирча бирор нарса дейиш қийин”, деб айтди Ильяков.

УЕФА 2014 йилнинг 4 декабрида Қрим клубларига Россия футбол иттифоқи номидан Россия чемпионатида иштирок этишни тақиқлаб қўйган эди.

Жорий йилнинг 23 январида Қрим жамоалари Россиянинг иккинчи дивизиони биринчилигидан расман чиқарилиб юборилди.