2015 йилнинг 20 май куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан “Ёшлар ижод саройи”да “Маънавиятимизни асраб қолайлик!” номли тадбир ўтказилди. Унда оммавий маданият танқид остига олиниб, унинг салбий таъсирини бартараф этиш борасида фикр юритилди.
Унда мутасадди ташкилотлар вакиллари, санъаткорлар, жамоатчилик фаоллари иштирокида бир қанча масалалар муҳокама қилинди.

Биринчи навбатда, хонандаларнинг кийиниши ҳамда саҳнада ўзини тутиши танқидчиларга нишон бўлди. Ундан кейин, қўшиқларнинг мазмунсизлиги, клипларнинг савиясизлиги қораланди.
Бундан ташқари, тўйларда урф бўлаётган янги одатлар, келиннинг тўй чоғида гул отиши ва рақсга тушиши сингари одатлар “маънавий ҳаётимизга тўғри келмайди” деб баҳоланди.

Пардоз-андозга эътибор бериб, кўрсатув сифатини унутиб қўяётган телебошловчилар ҳам четда қолмади. Умуман олганда, “дуч келган нарсани” ёзаётган ёки экранга узатаётган оммавий ахборот воситалари ҳам танқид қилинди.

Шу билан бирга, тадбир давомида хонандалар Райҳон ва Лола нишон марказида бўлишди. Уларнинг кийиниши ва охирги ишлаган клиплари қаттиқ танқид қилинди. Бошқа хонандаларга ҳам эътирозлар билдирилди.