Андижонлик Умид Ботиров маст ҳолда икки кишини пичоқлаб қўйди, бундан ташқари, уни тўхтатишга ҳаракат қилган тоғасини машинада судради. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда

Айтилишича, улфатлар А. Файзиев, К. Тўхтаев ва Ш. Қўзиев “даврани кенгайтириш” учун ўртоқлари Ботировни шаҳардаги чойхоналардан бирига чақиришган. Анча вақт зиёфат қилгач, Файзиев ва Тўхтаев ичкилик қидириб кетишган. Улар ҳадеганда келавермагач, шериклари Қўзиев ва Ботиров кетиб қолган. Йўлда уларга етиб олган улфатлари кутиб турмаганларини пеш қилиб ҳакоратлай бошлаган. Жаҳли чиққан Ботиров Файзиевни ва Тўхтаевни урган.

Шундан сўнг томонлар қариндошлари ва дўстларини чақириб, жанжал кенгайиб кетган. Тоғасининг олдига келган Ботиров уйдан пичоқ олиб чиқиб, Файзиевни ҳимоя қилиш учун келган Йўлчибоев исмли шахсга пичоқ урган. Яраланган эркак машинасига миниб, шифохона томон равона бўлган.

Унинг ортидан бориш учун Ботиров машинага минганида, тоғаси уни тўхтатиш учун машина эшигини ушлаб қолган, лекин маст ҳолда ўзини бошқара олмай қолган Ботиров машинани ўт олдириб, тоғасини 100 м масофага судраб кетган. Шунингдек, уни тўхтатмоқчи бўлган яқин ўртоғи Қўзиевни ҳам пичоқлаган.

Қўзиев ва Йўлчибоев шифохонага ётқизилган. Аммо Қўзиевнинг жароҳати оғирлиги боис унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмаган.
Суд Умид Ботировни 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.