Korean Air компанияси президентининг собиқ ўринбосари, президентнинг қизи Чо Хен А қамоқдан озод қилинди. “Русская газета”нинг хабар беришича, аёл борт кузатувчиларини ҳақорат қилиб, парвозга тайёрланаётган лайнерни ортга қайтаргани туфайли бир йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Сеул Олий суди илгариги ҳукмини бироз юмшатишга қарор қилди. Эндиликда Чо хоним 10 ойлик шартли жазога ҳукм қилинди. Айни пайтда у ҳибснинг 143 кунини панжара ортида ўтказиб улгурган эди. Айбловнинг асосий пункти лайнер курсини ўзгартириш билан боғлиқ эди – Кореяда бунинг учун 1 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган. Суд Чо хонимни бу пункт бўйича айбсиз деб топди.

Бундан ташқари, икки эгизакнинг онаси бўлмиш аёл беш ой қамоқда ўтиргани ва бу муддат ичида ўз қилмишидан афсуслангани эътиборга олинди.

Воқеа 2014 йилнинг 5 декабрь куни содир бўлган эди. Компания раҳбарининг қизи Нью-Йорк-Инчхон лайнерида кетаётган эди. Стюардесса унинг олдига шўр ёнғоқ солинган пакетни қўйгани Чо хонимга ёқмади – унинг фикрича, ёнғоқлар ликопчада олиб келиниши керак эди. Шу боис у стюардессани ҳақорат қилиб, унга қўл кўтарган ва лайнерни терминалга қайтишга мажбур қилган.
Стюардесса собиқ раҳбари устидан арз қилгани боис у судга тортилган ва 1 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.