Хитойда ноқонуний пойга пайтида яшил Lamborghini ва қизил Ferrari’ни пачоқлаган хитойликлар хавфли ҳаракатларни содир этганлари учун қамоқ жазосига тортилди. Бу ҳақда “Синьхуа” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Пойга иштирокчиларидан бири, 20 ёшли Юй Мучун ўзи полицияга таслим бўлди, у 4 ойга озодликдан маҳрум этилди ва 8 минг юан (тахминан 1300 доллар) жаримага тортилди. Воқеанинг иккинчи иштирокчиси 21 ёшли Тан Вэньтян 5 ойга озодликдан маҳрум этилди ҳамда 10 минг юан (1600 доллар) жарима тўлайдиган бўлди. Улар суд қарори бўйича эътирозлари йўқлигини айтишган.

Ушбу пойга 11 апрелда Пекин миллий стадионидан узоқ бўлмаган Датун йўлида уюштирилган. Иккала автомобиль ҳам туннел деворига соатига160 кмтезлик билан келиб урилган. Оқибатда Lamborghini’да ўтирган Сюй фамилияли аёл умуртақасини синдириб олган. Шаҳар мулкига етказилган зиён 320 минг юанга (52 минг долларга) баҳоланган.

Содир бўлган ҳодиса “олтин ёшлар” (ўзига тўқ хитойликлар) авлоди вакилларининг бепарво хатти-ҳаракатлари билан боғлиқ юз берган биринчи ҳолат эмас. 2012 йилнинг март ойида Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси девохонасининг бошлиғининг ўғли рулда бўлган Ferrari автомобили иштирокида ЙТҲ юз берган эди. Ҳодисадан кейин интернетнинг Хитой сегментида ушбу ҳолат юзасидан берилган барча маълумотлар тўсиб қўйилган эди.