Москвада муҳожирлар томонидан содир этилаётган жиноятлар миқдори бўйича Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари биринчи ўринда турибди. Бу ҳақда шаҳар прокурори Сергей Куденеев баёнот берди.

“Агар жиноятчилик рейтингини тузиб чиқадиган бўлсак, унда Ўзбекистон фуқаролари биринчи ўринни эгаллайди – улар 2 522 жиноят содир этган, кейин 1 745 жиноят содир этган Тожикистон фуқаролари келади. Ниҳоят, Қирғизистон вакиллари 1 269 жиноят содир этган”, – деди прокурор “Московский комсомолец” нашрига берган интервьюсида.
Ҳисоботда айтилишича, ўтган йили Москвада фош этилган жиноятчиларнинг 51 фоизини “пойтахт аҳолисининг ўзи содир этмаган”. МДҲ давлатлари фуқаролари томонидан 9 606 жиноят содир этилган бўлиб, бу фош этилган барча жиноятларнинг 20 фоизини ташкил қилади.

Бундан ташқари, Куденеев миграция “ўз-ўзидан ёмон ҳолат эмас”лигини таъкидлаб ўтди ҳамда радикал миллатчи ташкилотлар фаолиятини танқид остига олди.