Наманганда уч нафар ўсмирни ноқонуний равишда Қозоғистонга юбориб, у ерда ишлатган шахслар судланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар берди.

Нашрда ёзилишича, Мустафо исмли шахс тамаддихоналардан бирига кириб, ўсмирлар даврасининг суҳбатига аралашган. Гап орасида Қозоғистонга бориб новвойлик қилишини ва мўмайгина даромад топишини қистириб ўтган. Бунга қизиқиб қолган Элдар, Александр ва Олег исмли йигитлар уларга ҳам иш топиб беришини илтимос қилишган.
2 кундан сўнг Мустафо йигитларни Тошкентга олиб бориб, ноқонуний равишда чегарадан ўтказган ва поччаси Актамнинг қўлига топширган. Актам болаларнинг туғилганлик ҳақида гувоҳномаларини олиб қўйиб, оғир шароитда ишлашга мажбур қилган.

Орадан икки ой ўтиб, Элдар новвойхонадан қочиб кетишга муваффақ бўлган ва онасига қўнғироқ қилган.
Воқеадан хабардор қилинган ИИБ ходимлари тегишли чораларни кўриб, ёшларни Ўзбекистонга қайтаришга эришган. Актам Амонов ва Мустафо Ахтамовлар эса 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига тортилган.