Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев VIII Остона иқтисодий форумидаги чиқишида бутун жаҳон илм аҳлини халқлар ва давлатларни яқинлашаётган ҳалокатдан асраб қолишга чақирди.

“Остона иқтисодий форуми ўз вақтида 2008 йили бошланган глобал молиявий-иқтисодий инқирозга жавобан юзага келган эди, – унинг сўзларини келтиради Nur.kz портали. – Инқироз жаҳон иқтисодиётининг 80 фоизига таъсир ўтказди, шу пайтгача жаҳон иқтисодиёти илгариги ўсиш суратларига қайта олгани йўқ”.

Шунингдек, кўпчилик мутахассислар турбулентлик деб баҳолаётган ҳолат аслида глобал инқирознинг кейинги босқичига ўтиш эканлигини таъкидлади. Ва, давлат етакчисининг фикрича, у молиявий босқичдан ноқонуний санкциялар қиёфасида валюталар уруши босқичига кўчиб бўлди.

“Яқин Шарқдаги – Сурия, Афғонистон, Ливандаги инқрозли вазиятлар ҳам шунинг оқибатидир, – қўшимча қилди у. – У Ғарбнинг Шарққа, АҚШ ва НАТОнинг Россия ва Хитойга қарши курашини келтириб чиқармоқда. Агар биз гапираётган инқироз глобал гиперинқироз босқичига ўтса-чи? Шу боис биз жаҳон илмининг энг яхши вакиллари билан биргаликда халқлар ва давлатларни келаётган ҳалокатдан сақлаб қолишимиз керак”.

Эслатиб ўтамиз, VIII Остона иқтисодий форумида жаҳоннинг 90 мамлакатидан ташриф буюрган 3 минг делегат иштирок этмоқда.