РИА Новости агентлигининг хабар беришича, Пальмира учун бўлиб ўтган тўқнашувлар давомида Ўзбекистон ва Россия фуқароларидан иборат жангарилар гуруҳи йўқ қилинди.

Сурия қуролли кучлари вакилининг маълум қилишича, Тадмор атрофларидаги армия блокпостларидан бирида 40 жангаридан иборат отряд йўқ қилинган. Жасадларни текшириш давомида топилган ҳужжатлардан маълум бўлишича, отряд Ўзбекистон ва Доғистон вакилларидан иборат бўлган.

Жангарилар блокпостга юк машинасида яқинлашиб, уни портлатиб юбормоқчи бўлган, аммо суриялик жангчилар уларни тузоққа тушириб, юк машиналарини вақтида ўққа тутган. Отишма чоғида жангариларнинг катта қисми ўлдирилган ва фақат икки нафари асирга тушган.

Ҳарбийлар берган маълумотларга қараганда, ўлдирилганлар грузиялик чечен Абу Умар Шишонийнинг гуруҳи аъзолари бўлган. Таъкидланишича, гуруҳ Ўрта Осиё ва Кавказ вакилларидан иборат бўлиб, жангарилар ўзаро рус тилида мулоқот қилади.