Самарқанднинг Сиёб бозорида харидорларга пневматик қурол билан ҳужум қилган талончи ўз “қурбон”лари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси хабар бермоқда.

Ёзилишича, Амон Жумаев исмли ёш йигит номаълум шахслардан пневматик автомат ва тўппонча сотиб олиш учун онасининг тилла тақинчоқларини ўғирлаб, 2.5 млн сўмга сотиб юборган. Бу пулларга яна 500 минг сўм қўшиб, қуролларни сотиб олган.
Сўнг валютафурушларга ҳужум қилиш мақсадида Сиёб бозорига йўл олган Амон уларнинг олдида милиция ходимларининг турганлигини кўриб, журъатини йўқотган.

У юзига ниқоб, қўлларига қўлқоп тақиб, бозорга кийим харид қилиш мақсадида келган Зафар Ҳайдаровга автомат ўқталиб, “борини чиқар”ишни талаб қилган. Бироқ Зафар унга ташланиб, юзидаги ниқобини юлиб олган. Амон унинг юзига қарата ўқ отган, аммо Зафар ўзини четга олишга улгурган.

Амон воқеа жойидан таксидан қочишга ҳаракат қилган. Зафар ҳам ёрдамга етиб келган ўртоқлари билан машинага ўтириб, Шоҳи Зинда мақбараси олдида йўлтўсарга етиб олган. Дўстлар Амонни тутиб, воқеа жойиге етиб келган ИИБ ходимига топширган.