“ИШИД” гуруҳи жангарилари Сурияда ҳукумат қўшинлари позицияларини Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги гаубицадан ўққа тутишди. Бу ҳақда Bild нашри интернетда пайдо бўлган видеоёзувга иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.

Нашрнинг таъкидлашича, роликда вермахт (Иккинчи жаҳон урушидаги нацист Германиясининг қуролли кучлари)нинг энг кенг тарқалган артиллерия қуроли – leFH18 дала гаубицаси акс этган.

“Сурия ҳукумати қўшинлари ихтиёрида бир нечта гаубица бор эди. Жангарилар, афтидан, бу гаубицаларни Башар Асад ҳарбийларидан ёки музейдан ўғирлаб кетишган”, деб айтмоқда ҳарбий эксперт Ник Йенцен-Джонс.

Унинг айтишича, фуқаролик уруши пайтида бундай эски қурол-аслаҳалардан фойдаланишнинг ажабланарли томони йўқ.

“Жанг қилаётган томонлар замонавий қурол-аслаҳага эгалик қилиши чекланган пайтда бундай эски қуроллардан фойдаланиш одатий ҳол ҳисобланади. Сурияда бир неча бор Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги британ, америка, италян, француз ва рус қуролларидан фойдаланилган”, деб қўшимча қилмоқда Йенцен-Джонс.

Германиянинг Rheinmetall концерни 1935 йилдан 1945 йилгача leFH18 гаубицаларидан 10 мингга яқинини ишлаб чиқарган. Гаубица14 кг.лик снарядни10 км.лик масофага ота олади.