Тошкент шаҳрида 21 май куни Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг 22-ялпи мажлиси бошланди

Бугунги кунда террористик тузилмалар шароитлар ўзгаришига тез мослашиб, ўз фаолиятини молиялаштиришнинг янги йўлларини топмоқда. Бу эса жаҳон ҳамжамиятидан ўз вақтида самарали чораларни кўриш, уларнинг йўлига тўсиқ қўйиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни талаб этмоқда.

Шу мақсадда Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишда молиявий чораларни ишлаб чиқувчи халқаро ҳукуматлараро гуруҳ фаолият кўрсатмоқда. Саккизта минтақавий гуруҳни ўз таркибида бирлаштирган ушбу ягона халқаро тармоқ жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш борасида глобал стандартларни ишлаб чиқади, миллий тизимларнинг мазкур стандартларга мувофиқлигини таъминлайди.

2004 йилда Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи ташкил этилган эди. Унга минтақанинг 9 давлати, жумладан, Ўзбекистон аъзо бўлган. Яна 14 мамлакат, 18 халқаро ва минтақавий ташкилотга гуруҳда кузатувчи мақоми берилган. 

Шу кунларда пойтахтимизда ушбу ташкилотнинг навбатдаги ялпи мажлиси ўтказилмоқда. 

Мажлисда Евроосиё гуруҳига аъзо давлатлар ва кузатувчилар делегациялари, жумладан, Пул маблағларини ўзлаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси, МДҲ Аксилтеррор маркази, ЕХҲТ вакиллари, шунингдек, Италия, Польша, АҚШ, Франция ва Черногориядан экспертлар иштирок этмоқда. 

Мажлисни Евроосиё гуруҳи раиси Ажай Тьяги (Ҳиндистон) бошқармоқда. 

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори И.Абдуллаев, Ҳиндистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари Р.Мехриши ва бошқалар сўзга чиқди. 

Евроосиё гуруҳи томонидан катта ишлар амалга оширилаётгани қайд этилди. Ташкилотга аъзо барча давлатларда бу борада зарур ҳуқуқий асослар яратилиб, молиявий разведка институтлари ташкил этилди.

Мажлисда истиқлол йилларида Ўзбекистонда жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича миллий тизимни такомиллаштиришга доир салмоқли ишлар амалга оширилгани қайд этилди. 

2004 йилнинг августида Ўзбекистон Республикасининг “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. 2009 йилда ушбу қонунчилик ҳужжати халқаро стандартлар ҳисобга олинган ҳолда янги таҳрирда қабул қилинган. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2006 йил 21 апрелдаги “Молия-иқтисодий, солиқ соҳасидаги жиноятларга, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги яна бир муҳим ҳужжат ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ушбу соҳани тартибга соладиган махсус давлат ваколатли органи ҳисобланади. Унинг таркибида молиявий таҳлил, тезкор-қидирув фаолияти ва тергов бўлимлари иш юритмоқда. Бу эса бир идора доирасида шубҳали молиявий операциялар ҳақида маълумот олиш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш ва жиноий иш қўзғатиш имконини бермоқда.Евроосиё гуруҳининг ялпи мажлисида мазкур департамент бу борада фаол ишларни олиб бораётгани қайд этилди. 2011 йилда имзоланган Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги шартномани амалга оширишда мамлакатимизнинг ваколатли органи ҳисобланган ушбу департамент ҳамкор ташкилотлар билан ахборот алмашишни сезиларли даражада фаоллаштирди. Масалан, 2011-2014 йилларда идора томонидан хорижий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва молиявий разведка бўлимларининг 128 сўрови кўриб чиқилди. Шу даврда чет давлатларнинг ваколатли органларига ўттиздан зиёд шундай сўров юборилди. Умуман олганда, Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ўттиздан ортиқ давлатнинг бу йўналишда фаолият юритаётган органлари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. 

"Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштириш бугунги кунда жаҳон миқёсидаги долзарб муаммо бўлиб, глобал ечимлар ва халқаро ҳамкорликни талаб этмоқда. Ўзбекистон ушбу ишларда фаол иштирок этиб, пул маблағларини ўзлаштиришга қарши курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи гуруҳ, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва бошқа халқаро молия институтлари билан самарали ҳамкорлик қилмоқда", – дейди молиявий хавфсизлик масалалари бўйича халқаро стратегик маслаҳатчи Жузеппе Ломбардо (Италия). 

Таъкидлаш жоизки, етакчи халқаро ташкилотлар мамлакатимизнинг жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича тизими самарадорлигини эътироф этмоқда. Базель бошқарув институтидек нуфузли ташкилот Ўзбекистонни Италия, Испания, Канада, Жанубий Корея ва АҚШ каби мамлакатлар қаторида ноқонуний пул ўзлаштириш хавфи энг кам давлатлар гуруҳига киритган.

Евроосиё гуруҳи ялпи мажлисида ушбу гуруҳ фаолияти самарадорлигини янада ошириш, минтақа давлатлари ва тегишли халқаро тузилмалар билан ҳамкорликни кенгайтириш, ташкилот таркибига янги аъзоларни қабул қилиш масалалари кўриб чиқилди. Пул маблағларини ўзлаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича миллий тизимларни такомиллаштириш мақсадида илғор халқаро ва миллий тажриба ўрганиб чиқилди. Ташкилот гуруҳлари томонидан ишлаб чиқилган таклиф ва тавсиялар, кун тартибига киритилган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди. 

"Ялпи мажлис юксак савияда ташкил этилгани ва самарали ўтаётганини таъкидламоқчиман. Ҳам минтақавий, ҳам жаҳон миқёсида катта аҳамиятга эга бўлган ушбу тадбир Евроосиё гуруҳи аъзолари ва кузатувчиларига бу борада тажриба алмашиш бўйича катта имконият бермоқда", – деди Франция Ташқи ишлар вазирлиги вакили Сара Шерион. 

Жиноий даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳининг 22-ялпи мажлиси очиқлик ва ўзаро ишонч, долзарб масалалар юзасидан амалий фикр алмашиш руҳида ўтмоқда.