“Ўзэкспомарказ”да 19-21 май кунлари бўлиб ўтган ярмарканинг дастлабки натижаларига кўра, унда умумий қиймати 25 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 1200 дан зиёд шартнома имзоланди.

Жорий йилги ярмарка вазирлик ва идоралар, банк сектори, иқтисодиётнинг барча тармоқлари корхоналари, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермер хўжаликлари, Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, алоҳида ихтирочиларни бирлаштирди. Унда саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармакология, ахборот-коммуникация технологиялари, фан ва таълим соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган қарийб 500 ишланма, инновацион ғоя ва лойиҳалар намойиш этилди. 

“Биз машина ва трактор агрегатларини назорат қилишнинг автоматлаштирилган бортли микропроцессорли тизимини ишлаб чиқдик. Бу тизим мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган планшет компьютери базасида ишлайди ва хорижда ишлаб чиқарилган шундай маҳсулотларга нисбатан қатор афзалликларга эга. Ишланмалар «Тошкент трактор заводи» очиқ акциядорлик жамияти буюртмасига асосан олиб борилди ва шу боис бортли компьютерлар яқин вақт ичида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган замонавий тракторларга ўрнатилади”, – дейди Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетининг катта ўқитувчиси Ўткиржон Убайдуллаев. 

Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси доирасида илк бор ташкил этилган Тошкент халқаро инновация форумида Ўзбекистон, АҚШ, Жанубий Корея, Япония, Германия, Франция, Греция, Россия, Арманистон ва бошқа мамлакатлардан олимлар ва мутахассислар иштирок этди. Форум иштирокчилари ривожланган давлатларнинг инновация тизимлари ва ушбу йўналишдаги тажрибалар, мамлакатимизда инновация фаолиятини ривожлантириш истиқболлари, инновацион иқтисодиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини оширишга доир долзарб масалаларни муҳокама этди.