2015 йилнинг январь-апрель ойларида Испанияга рекорд даражадаги 16 млн сайёҳ ташриф буюрди. Бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 4,4 фоиз кўпроқни ташкил қилди, деб хабар бермоқда El Mundo нашри.

Испания кўпроқ британиялик, франциялик ва германиялик сайёҳлар орасида машҳур бўлмоқда. Бу давлатлардан ташриф буюрган сайёҳлар улуши умумий сайёҳларнинг 53 фоизини ташкил қилди. Британиялик сайёҳларнинг сони 5,5 фоизга ошган ҳамда деярли 3,3 млн, францияликлар сони 4,6 фоизга ошган ва 2,6 млн, германияликлар 0,3 фоизга ошган ва 2,5 млн гача етган.

Ҳисобот даврида италиялик сайёҳларнинг сони энг кўп миқдорга, яъни 12,2 фоизга ўсган ҳамда 990,4 минг сайёҳни ташкил қилган.

Испанияга ташриф буюрувчи россиялик сайёҳлар сони 28,3 фоизга тушиб кетган ҳамда 162 минг кишини ташкил қилган.

Испанияга кирувчи сайёҳлик оқимининг 74,1 фоизи Каталония, Канар ороллари, Андалусия ва Мадридга тўғри келган.