Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ рассоми Алишер Мирзонинг «Каллахоналик йигитча» романи тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Туркистон-Пресс» НАА хабар бермоқда.

«Каллахоналик йигитча» романида рассомнинг болалик, ўсмирлик йиллари, катта ҳаёт фалсафаси, ижодий йўлида кечган бирда қувончли, бирда қайғули, баъзан эса ўйга толдирадиган воқеалар таснифи бадиий маҳорат билан баён этилган», деб ёзилади манба берган хабарда.

«Алишер Мирзо нафақат ранг тасвирнинг барча жанрларида ижод қилувчи мусаввир, балки халқимизнинг кундалик турмушини ва табиатини ёрқин рангларда талқин этувчи ёзувчи ҳамдир. Ижодкор томонидан яратилган ушбу роман маданий ҳаётимизда муҳим аҳамиятга эга, дейишимиз мумкин. Муаллиф унда қишлоқ ҳаётини, инсонлар самимиятини гўзаллик дунёсида яшаётган инсон қарашлари билан кўриб, асарда туйғу, ҳайрат, муҳаббат каби хисларни маҳорат билан тасвирлаган ва романнинг табиийлигини таъминлаган», дея адабиётшунос олим Иброҳим Ғофуровнинг сўзларидан иқтибос келтиради «Туркистон-Пресс».