Машҳур француз актёри Жерар Депардье урушни ёмон кўришини ва Украинада бўлаётган воқеалардан карахт ҳолда эканлигини айтди. Бундай фикрни у Каннда бўлиб ўтаётган кинофестивалда билдириб ўтди.

Актёр кинофестивалда “Муҳаббат водийси” сурати билан иштирок этмоқда. Депардье Россия президенти Владимир Путин ва украиналикларни яхши кўришини ҳам таъкидлади.

Актёр Украинада бўлаётган воқеаларни унча тушунмаслигини, бироқ ҳамма каби “карахтдалигини” айтиб ўтди. “Мен собиқ президент Виктор Юшенкони яқиндан танирдим, украиналикларни жуда яхши кўраман, бироқ можароларни муҳокама қилиш менинг ваколатимга кирмайди. Мен урушни, тўқнашувларни ёмон кўраман, чунки улар одамларнинг ўлимига олиб келади”, дейди Депардье.

“Месье Путинни яхши биламан ва уни ҳам яхши кўраман. Мен СССРга, ёки, тўғрироғи Россияга кўп бораман”, деб айтди актёр. Унинг бу чалкапш сўзлари журналистларда табассум уйғотди.

Канн кинофестивалида Депардье ўзи ва Изабель Юппер ижросидаги “Муҳаббат водийси” фильмини тақдим қилмоқда.

Маълумот учун, 2012 йил декабрда актёр ўзининг Франция фуқаролигидан воз кечишини эълон қилган. Актёрнинг бундай қарор қабул қилишига Франция президенти Франсуа Олланднинг миллион евродан ортиқ даромадларга 75 фоизлик солиқ қўлламоқчилиги сабаб бўлган. Депардье Франция фуқаролигини Бельгия фуқаролигига алмаштирмоқчи бўлган, бироқ Франция ҳукумати бу солиқни киритишдан воз кечгандан кейин бу фикридан қайтган.

2013 йилнинг январда Депардьега Россия фуқаролиги берилган. Актёр Сочида 5 январда Владимир Путин билан учрашганда унга Россия паспорти берилган, бироқ у ўз фуқаролигини сақлаб қолишга қарор қилган.