23 май куни Москванинг Рублевка шоссесида иккита полиция машинаси қоидабузарни қувлаш пайтида машиналардан бири BMW билан тўқнашди ва бир йўловчини уриб юборди. Бу ҳақда Москва Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

“23 май, соат 01:00 атрофида Рублевка шоссесида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди: полиция ходимларининг тўхташ ҳақидаги талабига бўйсунмай қочиб кетган “Мерседес” машинасини қувлаш пайтида Шимоли-ғарбий округ бўйича йўл-патруль хизматининг “Форд-Фокус” ва “Лада-Приора” автомобиллари “БМВ” автомобили билан тўқнашиб кетди”, дейилади хабарда.

Тўқнашув оқибатида BMW ҳайдовчиси ва воқеа жойи яқинида уриб юборилган бир йўловчи жароҳат олган.

Полициячилар жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатишди, сўнгра улар турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилди.

Ушбу ҳолат юзасидан текширув ўтказилмоқда, унинг натижасига кўра қонунга мувофиқ ҳолда қарор қабул қилинади.