«Ўзвиносаноатхолдинг» компанияси тизимидаги корхона ва ташкилотлар томонидан 2013-2015 йилларда 2,6 минг гектар саноатбоп навли токзорлар барпо этилиб, улар майдони 6,3 минг гектарга етказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида компания томонидан узумчиликни ривожлантириш, қайта ишлаш корхоналарининг хомашё базасини мустаҳкамлаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган матбуот анжуманида кенгроқ маълумот берилди, деб ёзади «Туркистон-Пресс».

Компания тизимидаги корхона ва ташкилотлар томонидан 25 та артезиан қудуқлар қазилиб, ишга туширилиши натижасида янги экилган 725,0 гектар майдондаги токзорлар сув билан таъминланди. Янги токзорларда интенсив, тежамкор технологиялар қўлланилмоқда. Бугунги кунгача 305 гектар майдонда томчилатиб суғориш жорий этилди.

Компания тизимидаги 41 та қайта ишлаш корхоналари томонидан 2013 йилда 123,8 минг тонна, 2014 йилда 130,0 минг тонна узум қабул қилиниб, қайта ишланган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 132,0 минг тоннага етиши кутилмоқда. Ҳозиргача компания томонидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жами 598 гектар боғлар барпо этилиб, 2014 йилда 3,5 минг тонна мева, боғ-ток қатор ораларида 10,2 минг тонна сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилди.

Тизимдаги корхоналар томонидан қорамолчилик комплекслари ташкил этилиб, бугунги кунда 637 бош қорамол боқилмоқда. Шунингдек, паррандачилик, асаларичилик ва балиқчилик хўжаликлари ҳам ташкил этилган. Бу маҳсулотлар, аввало, компания тизимидаги корхона ва ташкилотлар ходимларига етказиб берилса, ортгани бозорга ҳам олиб чиқилади, дейилади манба берган хабарда.