Поветкин Майк Пересни биринчи раунднинг ўзидаёқ нокаутга учратди

Спорт 23 Май 2015 2339

Москвадаги “Россия” марказий концерт залида ўта оғир вазн тоифасидаги WBC Silver чемпиони 35 ёшли россиялик боксчи Александр Поветкин ва кубалик Майк Перес ўртасидаги жанг 1-раунднинг ўзида, жанг бошлангандан 1 дақиқа 31 сония ўтиб, Поветкиннинг ғалабаси билан якунланди.

Боксчилар бир-бирларини узоқ “нишонга” олиб туришмади, Поветкин рақибига ён томондан зарба туширди. Оқибатда кубалик боксчи тойиб кетди ва яна битта шундай зарбадан кейин рингга йиқилди. Перес бундай оғир зарбани ўтказиб юборгач, ўрнидан туришга муваффақ бўлди, бироқ яна битта муштдан кейин учрашув рефериси жангни тўхтатишга мажбур бўлди.

“Рус Витязи” жангдан кейин қўлига микрофон олиши учун ҳаттоки нафасини ростлашига ҳам тўғри келмади. У томошабинларга бу жангдан бироз кўнгли тўлмаганини, чунки у ҳақиқий, муросасиз жангни кутганини айтиб, ўз мухлисларига миннатдорчилик билдирди ва уларни келгусида ҳам чиройли жанглар билан хушнуд қилишга ваъда берди.

Ушбу бокс кечасида ўтган бошқа жангларда ҳам россияликларнинг қўли баланд келди: биринчи оғир ванз тоифасида WBC талқини бўйича жаҳон чемпиони Григорий Дрозд польшалик боксчи Лукаш Яник устидан техник нокаут билан 9-раундда ғалаба қозониб, ўз камарини ҳимоя қилди. Рахим Чахкиев эса америкалик Жуниор Энтони Райт устидан ғалаба қозониб, биринчи оғир вазн тоифасида IBO чемпионлик камарини қўлга киритди.

Маълумот учун, кубалик Перес бошқа бир россиялик боксчи Магомед Абдусаламов билан жангида рақибига бош мия оғир жароҳатларини етказгани билан танилган.

Эндиликда Поветкин ҳисобида 29та ғалаба ва Владимир Кличкодан учралган битта мағлубият бор. Пересни мағлуб этиш эвазига россиялик боксчи WBC талқини бўйича чемпионлик унвони учун америкалик чемпион Деонтей Уайлдер билан жанг ўтказишга расмий даъвогар ҳуқуқини қўлга киритди.

Кўпроқ янгиликлар