Сербия бош вазири Александар Вучич Die Welt нашрига берган интервьюсида Сербия учун салбий иқтисодий оқибатлар олиб келиши мумкин бўлган Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларига қўшила олмаслигини маълум қилди.

“Россияга қарши санкцияларни қўллаб-қувватлаш биз учун иқтисодий оқибатларга эга ва Сербия уларга бас кела олмайди. Биз авваламбор ўзимизнинг иқтисодий барқарорлигимизни таъминлашимиз керак. Ахир биз ҳали ҳам Европа Иттифоқидан ташқаридамиз ва бизга ҳеч ким ёрдам бермаяпти”, деб айтди Вучич.

Вучич, шунингдек, Сербия Россия билан алоқалардан воз кечишни истамаётганини айтди. “Биз Москва билан яхши муносабатда бўлишдан манфаатдормиз ва бунинг қандайдир бир уятли жиҳати йўқ”, деб қўшимча қилиб ўтди Вучич.