Туркманистоннинг бир қатор ташкилот ва муассасалари томонидан зилзиладан азият чеккан Непалга беғараз равишда озиқ-овқат ва дори-дармон воситалари ажратилди. Туркманистон президенти тегишли қарорни ҳукумат йиғилишида имзолади.

Маълумки, жорий йилнинг апрель-май ойларида Непалда кучли вайронагар зилзилалар бўлиб ўтди. Зилзила кўплаб қурбонларга олиб келди. Табиий офат оқибатида ўн минглаб одамлар жароҳат олди ва бошпанасиз қолиб кетди.

“Туркманистон: олтин аср” интернет нашр берган маълумотларга кўра, Туркманистон Гаити, Хитой, Туркия, Япония, Покистондаги юз берган табиий офатлар пайтида бу давлатларга инсонпарварлик ёрдамини жўнатган. Туркманистон президенти буйруғи билан Сьерра-Леонега Эбола вируси билан курашиш учун дори-дармон ва тиббиёт воситалари юборилган. Туркманистон мунтазам равишда қўшни Афғонистонга инсонпарварлик ёрдамини жўнатиб туради, ушбу давлатнинг ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини тиклашда амалий кўмак кўрсатиб келади. Жумладан, Туркманистон маблағлари ҳисобидан Афғонистонда 20 кишилик саломатлик уйи ва 400 ўринлик қизлар мактаби қурилган, Ҳирот вилоятининг Турғунди қишлоғида 20 кишига мўлжалланган туғруқхона барпо этилмоқда.