УЕФА “Днепр” клубини ирқчи мухлислари туфайли жазолади

Спорт 23 Май 2015 1088

УЕФА Днепропетровскнинг “Днепр” футбол клубини Европа Лигаси яримфинал босқичининг “Наполи”га қарши жавоб учрашувида мухлислари томонидан ирқчилик кайфиятидаги баннерларни намойиш қилингани, пиротехника ишлатилгани ва майдонга отилгани учун жазолади.

Украина футбол федерацияси вице-президенти Игорь Кочетовнинг маълум қилишича, Украина клуби Еврокубок учрашувларининг навбатдаги иккита ўйинини мухлисларсиз ўтказадиган бўлди.

Бу ўйинлардан биринчиси Варшавада 27 май куни Европа Лигасининг финалида “Севилья”га қарши учрашувга тўғри келади ва у “шартли” деб ҳисобланади.

“Агар бу ўйинда ҳам жиддий қоидабузарликлар кузатилса, унда клубнинг мухлисларсиз иштирок этиши анчагача чўзилиши мумкин”, деб изоҳ бериб ўтди Кочетов.

Кочетовнинг айтишича, “Днепр”, шунингдек, 70 минг евро жаримага тортилган. Украина футбол федерацияси вакили бу жазони “тайинланиши мумкин бўлган жазолардан энг енгили” эканлигини айтган.

Кўпроқ янгиликлар