Япония Тинч океани ҳавзасидаги давлатлар учун кейинги 3 йил давомида 55 млрд иена (450 млн доллар) миқдоридаги ёрдам маблағи беради. Бу ҳақда 23 май куни Япония бош вазири Синдзо Абэ Иваки шаҳрида бўлиб ўтган Тинч океани давлатлари саммитининг очилиш маросими вақтидаги нутқи давомида айтиб ўтди.

"Япония ҳукумати Тинч океани ҳавзасидаги давлатлардаги ноқулай шароитлар туфайли мавжуд қашшоқликка барҳам бериш учун 55 млрд иена миқдорида ёрдам маблағи ажратади", дейди Абэ.

Унинг айтишича, бу маблағлар ҳудуддаги мамлакатларда ижтимоий ислоҳотлар ўтказиш учун йўналтирилади.

Саммит якунида Япония ҳамда Тинч океани ҳавзаси мамлакатлари форуми ўртасида бир қанча декларациялар имзоланган.

Маълумот учун, Тинч океани ҳавзаси мамлакатлари форумига океан ҳудудида жойлашган 16 давлат аъзо бўлиб, Австралия, Янги Зеландия, Кука орол давлати, Папуа-Янги Гвинея каби давлатлар шулар жумласидандир. Бу ташкилот Япония, АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи билан доимий мустаҳкам алоқаларга эга ҳисобланади.