“Манчестер Сити” клубининг кот-д-ивуарлик яримҳимоячиси Яя Туре автомобилда тезликни жиддий оширгани учун полиция томонидан тўхтатилди, деб хабар бермоқда Daily Mail нашри.

Воқеа 20 май куни Англиянинг Стаффордшир графлигидаги шосселардан бирида кечки пайт юз берган. Туре 200 км/соат тезлик билан ҳаракатланаётган бўлган. Кейинроқ ҳафтасига 210 минг фунт стерлинг маош оладиган футболчи қўйиб юборилган, бироқ унинг иши суд топшириладиган бўлди.

“Ташвишланманглар. Клубда кимдир буни босди-босди қилади. Улар тегишли ҳужжатларни қайтариб олишади”, деб изоҳ бериб ўтди Туре.

Энди 32 ёшли футболчи суд йиғилишида қатнашиши керак бўлади. Йиғилиш муддати кейинроқ маълум қилинади.

Ўтган ҳафтада суд томонидан Яя Туренинг акаси, “Ливерпуль” ҳимоячиси Коло Туренинг бир ҳафтада икки марта тезликни оширгани ҳолати бўйича судда иши кўрилган эди. Суд футболчи ҳимоясининг илтимосини ҳисобга олиб, футболчини ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этмади. “Ливерпуль”нинг яна бир футболчиси Марио Балотелли эса шундай қоидабузарлик учун жазодан қоча олмаган: у 28 кунга ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этилган ҳамда 800 фунт стерлинг жарима тўлаган эди.